ЎЗБЕКИСТОН ЎҚ ОТИШ СПОРТИ ФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ УСТАВИ (янги таҳрирда)

Chop etish Yuklab olish (12 Kb)

ЎЗБЕКИСТОН

ЎҚ ОТИШ СПОРТИ ФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ

 УСТАВИ

         (янги таҳрирда)

 

 

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

  • Ўзбекистон ўқ отиш спорти Федерацияси (кейинги ўринларда — Федерация деб аталади) нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланиб, жамоат бирлашмаси ташкилий-ҳуқуқий шаклида жисмоний шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида Ўзбекистон Республикасида ўқ отиш бўйича спорт турларини ривожлантириш ва оммавийлаштириш мақсадида ташкил қилинган.
  • Федерация ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбиява спорт тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий  ҳужжатлари ҳамда мазкур Уставга амал қилади.
  • Федерация ўз фаолиятини ошкоралик, бамаслаҳатлик,ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоат фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида олиб боради.
  •  Федерация Олимпия ҳаракатининг мақсад ва вазифалари принципларини тан олади ҳамда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимия қўмитаси ва бошқа жамаотчилик бирлашмалари билан ўзаро яқин ҳамкорликда юритади.
  • Федерация Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган вақтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.
  • Федерация ўз номидан битимлар тузиши, мулкни сотиб олиши ва унга эгалик қилиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
  • Федерация юридик шахс сифатида алоҳида мол-мулкка, ўзининг мустақил балансига, банкларда ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа ҳисобракамларга, ўз номи кўрсатилган муҳр, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ўз рамзий белгиларига эга бўлади.
  • Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.
  • Федерация белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудидида ўзининг ҳудудий бўлинмаларини (кейинги ўринда бўлимлар деб аталади) ташкил этади.
  • Тўлиқ расмий номи:

ўзбек тилида: Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси;

рус тилида: Федерация стрелкового спорта Узбекистана;

инглиз тилида: Sport Shooting Federation of Uzbekistan.

  • Федерациянинг доимий фаолияти юрутувчи раҳбар органи жойлашган жойи: 100052, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Оққўрғон кўчаси, 34-уй.

 

  1. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

 

  • Федерациянинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида ўқ отиш бўйича спорт турларини ривожлантириш ва оммавийлаштириш, шу жумладан ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
  • Федерациянинг асосий вазифалари:

ўқ отиш спорти турлари бўйича спорт мусобақаларини ривожлантириш ва ўтказиш орқали республикада тинчлик, дўстлик ва ҳамфикрлик ғояларини тарғиб қилиш, аҳоли ичида соғлом ҳаётни ҳамда ўқ отиш спортини оммавийлаштиришни тарғиб қилиш;

ўқ отиш спорти турлари бўйича юқори малакали спортчиларни тайёрлаш бўйича илғор услубиётларни ўрганиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси миллий терма жамоалари ва спорт ташкилотлари билан ишлашда ушбу услубиётларни умумлаштириш ва татбиқ этишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги Республика олий спорт маҳорати мактаби ва Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти билан биргаликда ўқ отиш спорти турлари бўйича республика ва халқаро мусобақаларнинг йиллик режасини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг ўтказилишини ташкиллаштириш;

ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини республика  ҳамда бошқа халқаро спорт ташкилотларида ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

ўз аъзоларининг ахборот, илмий-услубий ва моддий-техник таъминлаш;

маҳаллий ва хорижий ўқ отиш федерациялари, бошқа спорт ташкилотлари билан ўқ отиш спорти турлари бўйича маданий-спорт тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказиш соҳасидаги чамбарчас ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини амалга ошириш;

турли ҳалқаро мусобақалар ва махсус ўқув-машқ йиғинларида Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг иштирок этишига кўмаклашиш;

ўқ  отиш спорти турлари бўйича турли спорт тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаларига номзодларни танлаб олиш мезонларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш;                                                     

республикадаги ўз устав мақсадлари ва вазифаларини бажариш доирасида республикада ўқ отиш спорти турларини ривожлантириш соҳасида мусобақалар, форумлар, конференциялар ва семинарларни ўтказиш.

Федерация ўқ отиш спорти турларини ривожлантириш бўйича ўзининг унумли фаолиятини амалга ошириш учун моддий-техник базасини яхшилаш ва моддий пойдеворини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

2.3. Белгиланган вазифаларга эришиш учун Федерация қуйидаги ишларни амалга оширади:

  Ўзбекистон Республикасида ўқ отиш ва стендан отиш спортини комплекс ва ўқув дастурларини ҳамда шу спортга оид бошқа талабларини ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга тадбиқ қилиб, амалда бажарилишини назорат қилишга кўмаклашиш;

 мураббийлар, спортчилар ва ўқ отиш ва стендан отиш спорти тадбирлари ўтказишга алоқадор мутахасислар орасидан ўзининг терма жамоасини ташкил қилади ва уларни ўқув-машқ йиғинларда республика ва халқаро мусобоқаларда қатнашишга тайёрлайди;

 ўқ ва стендан отиш бўйича ягона миллий спорт меъёрий талабларини ишлаб чиқиш ва таклифлар киритишда иштирок этади;

расмий эсдалик, тақдирланиш атрибутикасини ва бошқа Федерация рамзи туширилган махсулотларни тайёрлаш ва тарқатишни ташкиллаштиради; 

Федерация аъзоларининг (спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва бошқа мутахасислар) спорт этикасининг ҳалол спорт кураш принципларини, рақибга нисбатан олийжаноб туйғуларни, дўстлик ва ўзаро тушуниш иродасини риоя қилишни ҳамда тақиқланган усул ва услубларни олдини олиш чора-тадбирларини ўтказиб боришини таъминлайди;

Энг яхши спорчиларни, мурабийларни, ҳакамларни ва бошқа мутахассисларни тақдирлайди;

Кўзланган мақсадга эришиш учун Уставда кўзда тутилган ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турларини белгиланган тартибда амалга оширади.

 

  1. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

3.1. Федерация қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- ўз аъзолари ва қатнашувчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат ва нодавлат ташкилотлари олдида ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

- ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, семинарлар ва конференциялар ўтказиш;

- ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

- давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур Устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш;

- ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

- оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳамда белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

- ўз рамзий белгиларини таъсис этиш;

- белгиланган тартибда халқаро ва маҳаллий спорт ташкилотлари, федерация ва ассоциацияларга кириш, улар билан тўғридан тўғри алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик тўғрисида тегишли битимлар тузиш;

- Халқаро олимпия қўмитаси ҳомийлигида ўтказиладиган спорт бўйича халқаро мусобақаларда иштирок этиш.

Федерация ўз фаолиятини молиявий таъминлаш учун доимий ва вақтинча жамоаларни шакллантириши мумкин, бунда бажариладиган ишлар учун тўловлар шартномавий асосда амалга оширилади.

3.2. Федерация қуйидаги мажбуриятларга эга:

– Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига риоя этиш;

– рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

– ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

– рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш.

 

  1. ФЕДЕРАЦИЯДА АЪЗО БЎЛИШ ВА АЪЗОЛИКДАН МАҲРУМ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБИ, АЪЗОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ
    ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

4.1. Федерацияда аъзолик ихтиёрий ҳисобланади.

4.2. Федерация аъзолигига 18 ёшга тўлган ва мазкур Уставни тан оладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари қабул қилиниши мумкин. Федерация аъзолигига қабул қилиш якка ва жамоавий тарзда амалга оширилади.

4.3. Якка тартибда аъзоликка кириш жисмоний шахсларнинг аризасига мувофиқ, жамоавий тарзда эса жамоанинг аризасига асосан амалга оширилади. Якка ёки жамоавий тартибда аъзоликка қабул қилиш аризаси Федерация Раиси номига ёзилади ва Федерациянинг Ижро қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинади.

4.4. Федерация аъзолигидан якка ёки жамоавий тарзда чиқариш масаласи Федерация Ижро қўмитаси йиғилишида кўриб чиқилади ва унинг қарорига асосан амалга оширилади.

4.5. Федерация аъзолари Федерация фаолияти ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиши, Федерация аъзолари ўртасида низо ва можаролар чиқариши, Федерация обрўсига путур етказадиган маълумотларни (шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали) тарқатиши ман этилади.

4.6. Федерация аъзолари тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Аъзоликка қабул қилиш ва ундан чиқариш масалалари Ижро қўмитаси йиғилиши қарорига асосан амалга оширилади.

4.7. Федерация аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– Федерация томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш;

– Федерация фаолияти ҳақида маълумот олиш;

– Федерациянинг раҳбар органларини сайлаш ва уларга сайланиш;

  • Федерация раҳбар органларига унинг фаолиятига оид таклифларни киритиш ва уларни кўриб чиқишда қатнашиш;
  • Федерациянинг моддий базасидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

– ихтиёрий аъзоликдан чиқиш.

4.8. Аъзоларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

–   мазкур устав ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига амал қилиш;

– Федерация раҳбар органлари қарорлари ва топшириқларини ўз вақтида бажариш;

– кириш ва аъзолик бадалларини белгиланган тартиб ва миқдорда тўлаш;

– Федерация мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этиш.

4.9. Мазкур Устав ва қонун ҳужжатларига амал қилмаган Федерация аъзолари белгиланган тартибда аъзоликдан чиқарилиши мумкин.

4.10. Федерацияда фахрий аъзолар бўлиши мумкин. Федерация фахрий аъзоси Федерация ишида фаол иштирок этиб келган, Федерация фаолиятини
ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган, мазкур уставда белгиланган мақсад ва вазифаларни бажаришга ўз ҳиссасини қўшиб келган Федерациянинг доимий аъзолари бўлиши мумкин.

4.11. Фахрий аъзолар Федерация Ижро қўмитаси томонидан белгиланади. Федерациянинг фахрий аъзолари Федерация раҳбар органининг йиғилишларида иштирок этиши ҳамда аъзолик бадалларини тўлашдан озод қилиниши мумкин.

 

  1. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

ВА ФЕДЕРАЦИЯ ТУЗИЛМАСИ

 

5.1. Федерация раҳбар органлари:

– Конференция;

– Ижро қўмитаси;

– Федерация раиси.

Федерация фаолиятини назорат қилиш учун Назорат-тафтиш комиссияси ташкил қилинади.

5.2. Федерациянинг олий раҳбар органи – Конференция ҳисобланади.

5.2.1. Конференция заруратга қараб, аммо 4 йилда камида бир маротаба ўтказилади. Конференция Федерация Ижро қўмитаси ёки Назорат-тафтиш комиссиясининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин. Конференция қарорлари очиқ (ёпиқ) овоз бериш йўли ва унда иштирок этган аъзоларнинг оддий кўпчилиги (51%) овози билан қабул қилинади. Конференция унда иштирок этиши белгиланган аъзоларнинг 2/3 қисми қатнашган ҳолда қонуний ҳисобланади. Конференция Ижро қўмитаси белгилаган квотага мувофиқ ҳудудий бўлимларида делегат қилиб сайланган аъзолардан иборат таркибда шакллантирилади. Ижро қўмитаси ёки Назорат-тафтиш комиссияси томонидан Конференция санаси, ўтказиш жойи ва кун тартиби олдиндан федерация аъзоларига маълум қилиниши керак.

5.2.2. Конференциянинг мутлоқ ваколатларига қуйидагилар киради:

– Федерация уставини қабул қилиш ва тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

– Федерация фаолияти устидан умумий назоратни олиб бориш;

  • Федерация фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;
  • Федерацияни ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш ва фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

– Федерация ҳудудий бўлимлари ҳамда тадбиркорлик субъектларини қонунда белгиланган тартибда ташкил этиш, улардаги раҳбарларни сайлаш;

– Федерация Раиси, унинг ўринбосари, Ижро қўмитаси аъзолари ҳамда Бош котибини тўрт йил муддатга сайлаш;

– Федерация Назорат-тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини тўрт йил муддатга сайлаш;

– Федерация Раиси, Ижро қўмитаси, Бош котиби ҳамда Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини эшитиш ва тасдиқлаш;

– Федерация фаолиятига тегишли бошқа муҳим масалаларни юзасидан қарорлар қабул қилиш.

5.2.3. Конференциялар оралиғида Федерация фаолиятидаги раҳбарликни Федерация Ижро қўмитаси амалга оширади.

5.3.  Федерация Ижро қўмитаси ижро этувчи раҳбар орган ҳисобланади.

5.3.1. Ижро қўмитаси аъзолари Конференцияда 7 кишидан кам бўлмаган таркибда 4 йил муддатга сайланадилар. Федерация Раиси бир вақтнинг ўзида Ижро қўмита раиси ҳисобланади.

5.3.2. Ижро қўмитаси йиғилишлари ҳар йилда камида икки маротаба ўтказилади, аммо заруратга қараб навбатдан ташқари йиғилишлар чақирилиши мумкин. Ижро қўмитаси қарорлари унда иштирок этган аъзоларнинг яримидан кўпи (51%) овози билан қабул қилинади. Ижро қўмитаси йиғилишлари Федерация Раиси ёки унинг ўринбосарлари томонидан чақирилади.

5.3.3. Ижро қўмитаси ваколатларига қуйидагилар киради:

– Конференция қарорларининг бажарилишини назорат қилиш;

– Конференцияга тегишли масалаларни тайёрлаш ва киритиш;

– мазкур уставда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорлик дастурлари, тадбирлар режалари ва бошқаларни тасдиқлаш;

–  Федерация рамзи ва унинг Низомини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

– Федерация фаолиятига тегишли комиссияларни шакллантириш ва уларнинг Низомларини тасдиқлаш;

–  Федерация ва унинг бўлимлари мулки ва пул маблағларини тасарруф этиш;

Федерациянинг ҳудудий бўлимлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш;

– Федерация ҳудудий бўлимлари ва тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш;

– Федерация ҳудудий бўлимларининг ҳамда тадбиркорлик тузилмаларининг раҳбарларини тайинлаш;

–  Федерациянинг штат жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш;

–  Федерацияда кириш ва аъзолик бадаллари миқдорини белгилаш;

–  Жорий режаларни тасдиқлаш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;

–  Навбатдаги ва навбатдан ташқари Конференцияларни чақириш;

– Навбатдаги ва навбатдан ташқари Конференциялар кун тартибини ҳамда делегатлар миқдорини белгилаш.

Ижро қўмитаси мазкур устав доирасида Федерация фаолияти билан боғлиқ, Конференциянинг ваколатига киритилмаган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.

5.3.4. Федерация Раиси мазкур устав, Конференция ва Ижро қўмита қарорларига суянган ҳолда тенг ҳуқуқлик ва ошкоралик принципларга асосланиб иш юритади.

    Федерация Раисининг ваколатлари:

–  Федерация кундалик ишига умумий раҳбарлик қилиш;

–  Федерация Ижро қўмитаси ишини ташкил қилиш;

– Федерация номидан ишончномасиз ҳаракат қилиш ва федерация номидан ишончномалар бериш;

– банк муассасаларида Федерациянинг ҳисоб рақамларини очиш, банк-молия ҳужжатларига биринчи имзо қўйиш;

– Федерация аппарати ходимларининг ички меҳнат тартиби қоидалари ҳамда ходимларнинг вазифалар тақсимотини тасдиқлаш;

–  шартномалар тузиш ва бошқа ҳуқуқий ҳаракатларни амалга ошириш;

– Ижро қўмитаси тасдиқлаган смета харажатлар доирасида Федерация ходимларини рағбатлантириш, рағбатлантириш миқдори ва тартибини белгилаш;

– раҳбар органнинг қарорларини назорат қилиш ва ижросини белгиланган муддатларда таъминлашдан иборат.

Федерация Раиси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Федерация аппарати ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш масалаларини ҳал этади, меҳнат шартномаларини имзолайди ва тегишли буйруқлар қабул қилади.

Конференцияда қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан кундалик иш юритади ва вазифалар назоратини олиб боради.

5.3.5. Федерация Раиси бўлмаганда унинг вазифасини Бош котиби амалга оширади. Шунингдек, Федерация Раиси ўз буйруғи асосида ўзининг ваколатлари ва мажбуриятларининг бир қисмини ёки барчасини Бош котибга юклаши мумкин.

5.4. Федерация Назорат-тафтиш комиссияси.

5.4.1. Федерация Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари Конференцияда иштирокчиларнинг кўпчилик овози билан 3 кишидан кам бўлмаган таркибда тўрт йиллик муддатга сайланади.

5.4.2. Назорат-тафтиш комиссияси Федерациянинг молия-хўжалик фаолияти устидан, Конференция ва Ижро қўмитаси қарорларининг ҳамда мазкур уставда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши устидан, Федерация молиявий фаолиятининг натижалари ҳисоби устидан умумий назоратни олиб боради.

5.4.3. Федерация молия-хўжалик фаолияти Назорат-тафтиш комиссияси томонидан 1 йилда камида бир маротаба тафтишдан ўтказилиши лозим.

5.4.4 Тафтиш жараёнида Назорат-тафтиш комиссиясига Федерациянинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим қилиниши шарт.

5.4.5. Назорат-тафтиш комиссияси тафтиш натижалари юзасидан ёзма маълумотларни бир ойдан кечиктирмай Ижро қўмитасига ҳамда умумлаштирилган ҳисоботларни Конференцияга тақдим этади.

5.4.6. Назорат-тафтиш комиссияси аъзоси бир вақтнинг ўзида Федерациянинг бошқа раҳбар органи аъзоси бўлиши мумкин эмас.

5.5.1. Федерация тузилмасини федерация ва унинг бўлимлари ташкил қилади.

Тўрт йилда камида бир маротаба Федерация Ижро қўмитаси ёки бўлимлар Ижро қўмитаси томонидан бўлимлар Конференцияси чақирилади. Бўлимлар конференцияси бўлим ижро қўмитасини 4 йил муддатга сайлаш, федерация конференциясига делегатлар юбориш ва бошқа ўз низомида кўрсатилган ваколатларга эга бўлади. Бўлимлар Ижро қўмитаси бўлим иш режаларини тасдиқлаш, бўлим конференциясини чақириш ва бошқа ваколатларга эга бўлади. Бўлим раҳбари бўлим номидан харакат қилади ва бўлим номидан ишончномасиз иш юритади.

Федерация бўлимлари тегишли ҳудудда федерациянинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ўхшаш ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади. Федерация бўлимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бўлимларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби, бўлимларнинг раҳбар органлари бўйича қоидалар ва бўлимларнинг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари батафсил равишда уларнинг низомида белгиланади.

 

  1. МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

 

6.1. Ўзбекистон Республикаси меҳнат тўғрисидаги қонунлар, шунингдек меҳнаткашларнинг ижтимоий таъминоти ва ижтимоий суғурта қилдириш тўғрисидаги қонунлар Федерация аппарати ва ҳудудий бўлимлари ходимларига нисбатан жорий этилади.

6.2. Федерация аппарати ва ҳудудий бўлимлари ходимларининг меҳнат муносабатлари ички меҳнат тартиб қоидаларида белгиланади.

 

  1. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТИ

 

7.1.  Федерация ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

7.2. Федерациянинг молиявий–хўжалик фаолияти амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида солиқ, молия ва бошқа давлат идоралари томонидан, шу жумладан, зарурат туғилганда аудиторлар томонидан текширилади.

7.3. Жамият ўз фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларидан мустақилдир, қонунларда назарда тутилганидан бошқа ҳолларда уларга ҳисобот бермайди ҳамда уларнинг назорати остида бўлмайди.

 

  1. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ВА БОШҚА
    МОЛ-МУЛКНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ

 

8.1. Бинолар, иншоотлар, турар жойлар, ускуналар, инвентарь, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги пул маблағлари, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк Федерациянинг мулки бўлиши мумкин.

Федерация кўчар ва кўчмас мулкларни сотиб олиши, ижарага олиши ёки бепул фойдаланиши, Ижро қўмитасининг қарорига асосан корхона, муассаса, ташкилот ва жисмоний шахсларга ихтиёридаги турли кўчар ёки кўчмас мулкни сотиши, ижарага бериши, вақтинчалик фойдаланиш учун бериши ёки қарзга бериши, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига барча турдаги ссуда ва кредитларини олиши мумкин.

8.2. Федерациянинг мулки қонун билан муҳофаза қилинади.

8.3. Федерация ўз мажбуриятлари юзасидан қонунларга мувофиқ ундириш қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки билан жавоб беради.

8.4. Федерация ва унинг бўлимларининг мулки ва молиявий маблағ билан таъминланиш манбаалари қуйидагилардан таркиб топади:

– кириш ва аъзолик бадаллари;

– ихтиёрий мулкий бадаллар, ҳомийлик ва ҳайрия ёрдамлари, эҳсонлар;

– муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;

– тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

– матбаа ва ноширлик фаолиятидан олинган даромадлар;

– маҳаллий ва чет эл ташкилотлари томонидан ажратиладиган грант, субсидия ва давлат буюртмалари кўринишида бўлиши ҳам мумкин;

– қонунларда таъқиқланмаган бошқа тушумлар.

8.5. Федерациянинг ҳудудий бўлимлари Федерация Раиси томонидан берилган ишончнома орқали банк муассасаларида ҳисоб рақамлар очиши мумкин.

Бўлимлар юридик шахс сифатида ташкил этилган тақдирда, мол-мулки
ва алоҳида балансига эга бўлиши мумкин ва улар Федерация балансида ҳисобга олиниши лозим. Бўлимларнинг пул маблағлари ва мол-мулклари Федерация Ижро қўмитасининг қарорисиз ҳисобдан чиқарилиши, сотилиши ёки бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас.

 

 

 

 

  1. ФЕДЕРАЦИЯНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ҚИЛИШ,
    ТЎХТАТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

 

9.1. Федерацияни қайта ташкил этиш Конференция қарорига биноан
бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

9.2. Федерациянинг таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш
ва қўшимчалар Федерациянинг ўзини давлат рўйхатидан ўтказган тартибда
ва муддатларда давлат рўйхатидан ўтказилади.

9.3. Федерация фаолиятини тўхтатиш ёки уни тугатиш Конференциянинг қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

9.4. Федерациянинг Конференцияси ёки Федерацияни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

9.5. Федерацияни тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган тартибда
амалга оширилади.

9.6. Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк федерация қатнашчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органларнинг аъзолари ёки Федерациянинг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас, ундан белгиланган устав мақсадлари йўлида ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда фойдаланилади.

 

  1. УСТАВГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТАРТИБИ, ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 

10.1. Федерация Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар Конференциянинг қарорига асосан қонунда белгиланган тартибда киритилади.

10.2. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг, Федерация қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда қайта давлат рўйхатидан ўтказилади.

10.3. Мазкур Уставда назарда тутилмаган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан тартибга солинади.

Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali